Чинозда ўсмир дўсти томонидан пичоқланиб вафот этди
Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 17 ёшли йигит синфдоши томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.
Воқеа жорий йилнинг 6 июнь куни, кечки вақтда, Яллама қишлоғидаги футбол майдонида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, марҳум дўстлари билан овқатланиш учун уйидан чиққан ва улардан бири билан келишмовчилик юзага келган. Можаро чоғида синфдоши унинг бўйнига пичоқ санчган.
Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, йигитлар аввалдан дўст бўлган, аммо келишмовчилик сабаби ҳозирча номаълум. Гумонланувчи воқеадан сўнг бедарак йўқолган, уни топиш бўйича ишлар давом этмоқда. Масъул идоралар ҳозирча расмий изоҳ бермаган.