Хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 120 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

2024 йил бошидан буён хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 120 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Агентлик таъкидлаганидек, яқинда Россия Ички ишлар вазирлиги кўмагида бир нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросини ўз ватанига қайтариш мумкин бўлди. Бола Тошкент шаҳар ИИБ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан қабул қилиниб, сўнг ота-онасига топширилди.  

Йил бошидан буён 120 нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ўз ватанига қайтарилиб, ота-онаси ёки яқин қариндошлари васийлигига берилди, дейилади хабарда.

Агентлик хорижда оғир аҳволга тушиб қолган  болаларни қайтариш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда.

Аввалроқ, Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар бола қайтарилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон