Россияда ЙТҲ оқибатида ота-онаси ҳалок бўлган бола Ўзбекистонга қайтарилди

14 апрель куни кечаси Россиянинг Астрахан вилояти Лиман туманида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда kp.ru нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, 1982 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги BAW автомобили ярим тиркамали Mercedes машинаси билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида уч нафар йўловчи вафот этган, яна уч нафар жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон болалар омбудсмани матбуот хизмати аниқлик киритишича, ҳалокатда 2013 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Б.Р. ҳам жабрланган. Боланинг ота-онаси ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Б.Р. енгил тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган.

Болани Ўзбекистонга қайтариш масаласи ўрганилган. Унинг яқин қариндошлари вақтинча васийликни расмийлаштириш жараёнини бошлаган, бироқ дастлаб ҳужжатлар етарли бўлмаган. Кейинчалик Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Белова бу масала бўйича Ўзбекистон болалар омбудсмани Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилган.

Шундан сўнг, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бола Ўзбекистонга олиб келинди ва холасининг қарамоғига топширилди.

Ўзбекистон