Беш ой ичида қанча фуқаро овқатдан заҳарлангани маълум қилинди

2025 йилнинг дастлабки беш ойи давомида 14 та овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Уларда жами 42 нафар фуқаро жабрланган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, заҳарланиш ҳолатларининг 10 таси уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлиб, натижада ботулизм касаллиги аниқланган. Жабрланганлар орасида 8 нафар бола бор.

Шунингдек, 3 та ҳолатда овқат токсикинфексияси аниқланиб, 13 нафар фуқаро зарар кўрган, улардан ҳам 8 нафари болалар. Кимёвий заҳарланиш эса битта ҳолатда қайд этилган.

Қўмита маълумотига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда жами 20 184 та умумий овқатланиш корхонаси рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 1 512 тасида (7,49%) текширув ўтказилган. Текширув натижасида 664 та корхонада (3,29%) санитария ва гигиена қоидаларининг бузилганлиги аниқланган.

 

Ўзбекистон