Таълим давлат тилида бўлмаган синфлар битирувчилари энди ўзбек тилида мажбурий имтиҳон топширади
Ўзбекистонда энди таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 22 апрель куни тегишли буйруқ чиқарди.
Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхати, шакли ва муддатлари ҳар ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Бунда ушбу рўйхатга таълим тили ўзбек бўлмаган мактаблар учун давлат тили мажбурий фанлар блокига киритилади.
Якуний аттестацияда кузатув кенгаши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашишлари мумкин.
Хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчи якуний аттестация топшириладиган фандан озод этилади. Бунда, хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.