Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 148-ўринда қолди

2025-йилги матбуот эркинлиги индексига кўра, Ўзбекистон бу йил ҳам 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти рейтингида эълон қилинди.

Ташкилот рейтингни ҳар йили 3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида эълон қилади.

Бу йилги ҳисоботда илк бор халқаро матбуот ҳолати “оғир” дея таснифланди. Бу эса илгари берилган “муаммоли” мақомдан бир поғона пастга тушганини англатади.

Баҳолаш беш йўналишда олиб борилади: сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий-маданий ва хавфсизлик омиллари.

Бу йил дунё бўйича ўртача балл 54,7 ни ташкил этди, иқтисодий кўрсаткич эса 44,1 балл билан рекорд даражадаги энг паст натижани қайд этди (2024 йилда 46,4 балл эди).

Марказий Осиё давлатларининг рейтингдаги ўринлари:

• Қозоғистон — 141-ўрин (олдинги йили 142);

• Қирғизистон — 144-ўрин (олдинги йили 120);

• Ўзбекистон — 148-ўрин (ўзгаришсиз);

• Тожикистон — 153-ўрин (олдинги йили 155);

• Туркманистон — 174-ўрин (олдинги йили 175).

Ҳисоботда Европада матбуот эркинлигидаги фарқлар чуқурлашаётгани, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси эса эркинлик борасида энг кескин пасайиш кузатилаётган ҳудудлардан бири экани таъкидланган.

Шунингдек, дунё бўйича 180 давлатдан 112 тасида матбуот эркинлиги кўрсаткичлари ёмонлашгани айтилган. Мисол учун, АҚШ икки поғона пастлаб 57-ўринга тушган. Исроил 11 поғонага пасайиб, 112-ўринда, Россия 9 поғонага тушиб, 171-ўринда қайд этилган. Украина ва Хитойда ҳам пасайиш кузатилган.

 

Янгиликлар