Ўзбекистонда кичик тадбиркорликни молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар берилади
«Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун банкларга 300 миллион доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади. Бунда:
- кредит линияси тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 10 фоиз ставкада миллий валютада ажратилади;
- банклар томонидан кредитлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун йиллик 14 фоиз ставкада, 5 йилгача муддатга, шу жумладан, 2 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 5 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади;
- тадбиркорларнинг фаолият даври 6 ойгача бўлганда 1 миллиард сўмгача, 6 ойдан 1 йилгача бўлганда 2 миллиард сўмгача, 1 йилдан 2 йилгача бўлганда 3 миллиард сўмгача, 2 йилдан 3 йилгача бўлганда 4 миллиард сўмгача ва 3 йилдан ошганда 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади;
- кредит линияси маблағларининг камида 70 фоизи Нукус шаҳридан, вилоятларнинг маъмурий марказларидан ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади.