Фарғонада ҳайдовчини арқон билан бўғиб ўлдирган 4 киши қамалди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 2021 йил 14 июнь куни қотиллик содир этган 4 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Маълум бўлишича, судланувчилар — Б.М., С.У. ҳали ўттиз ёшга тўлмаган. Қ.А. ва О.Ж. эса касб-ҳунар мактабининг биринчи босқич ўқувчилари бўлиб, вояга етмаган. Хабарга кўра, Б.М. ва С.У. қарзларини узиш мақсадида режа тузган. Улар Марғилон шаҳридаги қурилиш материаллари бозоридан темир маҳсулотларини 13 миллион 460 минг сўмга сотиб олиб, сотувчига 100 долларни 1 060 000 сўм ҳисобида берган. Қолган пулни Қувасойда юкни олиб борадиган ҳайдовчидан бериб юборишга келишган. Юк ташувчи А.У. бошқарувидаги «MOS 2125» (Москвич комби) русумли автомашинасида маҳсулотларни олиб, шогирди — вояга етмаган Р.Ҳ. билан йўлга чиққан.
Ҳайдовчи Чек қишлоғига етиб бориб, Б.М.га телефон қилганда юкни болалар тушириб олишга ёрдам бериши айтилган. Қ.А. ва О.Ж. машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб, қир-адирликлар томон бошлаб борган. Б.М. ва С.У. ҳам уларнинг кетидан манзилга етиб келган. Ярим соатлардан сўнг улар ҳайдовчини шогирдининг кўз ўнгида арқон билан бўғиб, қаршилик қилгач, уриб ўлдирган. Р.Ҳ.нинг эса қўл-оёқларини боғлаб, юкхонага, мурдани эса ўриндиққа жойлаштирган. Шундан сўнг машинадаги темир маҳсулотларини уйга тушириб, жиноят изларини йўқ қилишга ҳаракат қилган.
Б.М. автомашинани Тошлоқ туманидаги фермер хўжалиги ер майдони ёнига бошқариб бориб, ўша ерда қолдириб кетган. Шу пайт Р.Ҳ.нинг нафас олаётганини кўриб, қўллари билан бўғиб, ҳушидан кетказган. Уни ўлди деб ўйлаб, воқеа жойидан кетган. Вояга етмаган Р.Ҳ. ҳушига келиб, содир этилган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар берган. Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан мазкур иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилган.
Унга кўра, Б.М.га 22 йил, С.У.га 19 йил, Қ.А. ва О.Ж.га 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.