Президент фармони: бир қатор товарлар божхона божидан озод этилди

2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича олиб кириладиган технологик ускуналар божхона божидан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан телекоммуникация инфратузилмасини жорий этиш лойиҳалари доирасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича олиб кириладиган технологик ускуналар, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан озод этилади.

Шунингдек, мол-мулк солиғини ҳисоблашда ер участкаларида ўрнатилган антенна-мачта металл конструкциялари ҳамда уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар (тортқилар, атрофни ўровчи деворлар, юк кўтариш мосламалари, чақмоқдан ҳимоя қилиш тизимлари, ерга улаш қурилмалари, сигнал-ёритиш тизимлари, қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари) кўчмас мулк сифатида қаралади.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастота органларининг тегишли рухсатномаларига асосан радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан экспорт қилинган ахборот технологиялари хизматларининг бир йиллик ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошганда 25 фоизга, 20 миллион АҚШ долларидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.

Янгиликлар