Бухорода 21 ёшли йигитни уриб ўлдирган эркак қамоққа олинди
Бухоро вилояти Когон туманида 28 январь куни 21 ёшли йигитни уриб ўлдирган эркак қамоққа олинди.
Таъкидланишича, шу куни соат 02:30 атрофида 31 ёшли Ж.Ж. Когон тумани Жомард қишлоғида 21 ёшли И.А. билан учрашиб, келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, И.А.нинг бош ва юз соҳаларига қўли билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Оқибатда И.А. олган тан жароҳатлари билан РШТЁИМ Бухоро филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, вафот этган.
Ҳолат юзасидан вилоят Тергов бошқармаси томонидан Ж.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «г» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Тергов жараёнида аниқланишича, Ж.Ж. бир кун олдин маст ҳолда бўла туриб, жабрланувчи билан телефон орқали бир-бирларини ҳақорат қилиб, сўнгра юқорида кўрсатилган манзилда учрашган ва Ж.Ж. жабрланувчига оғир тан жароҳати етказган.
Маълумот учун, бу турдаги жиноятлар учун 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.