Қозоғистонда газ нархи арзонлашди
Қозоғистонда Табиий монополияларни тартибга солиш қўмитаси нархларни ўрганиш натижасида мамлакатнинг аксарият ҳудудларида табиий газ нархини пасайтирди.
Маълум қилинишича, 2021 йил сентябрь ойи охирида қўмита сўровига кўра, «КазТранГаз Аймак» АЖ томонидан нархларни экспертизадан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилган. Нарх экспертизаси доирасида тақдим этилган материаллар атрофлича таҳлил қилиниб, компания томонидан тақдим этилган қўшимча материаллар ҳам ўрганилган.
Шундай тариқа мамлакатнинг барча газлаштирилган ҳудудларида «КазТранГаз Аймак» АЖ етказиб бериш учун қўшимча тўловни 15 фоиздан (Шарқий Қозоғистон вилояти) 50,63 фоизгача (Атирау вилояти) пасайтирган.
Таъкидланишича, истеъмолчилар учун газ нархи 70–80 фоизи Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган улгуржи нархга боғлиқ бўлиб, табиий газ нархининг қолган қисми қўмита томонидан тартибга солинадиган транспорт хизмати ва газни сотиш харажатидан иборат.
Қўмита истеъмолчилар учун газнинг якуний чегаравий нархини 0,34 фоиздан 38,96 фоизга пасайтирган. Максимал пасайиш 38,96 фоиз билан Атирау вилоятида, минимал пасайиш эса 0,34 фоиз билан Қарағанда вилоятида қайд этилган.