Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари камида битта чолғу асбобини чалишни билиши керак бўлади
Шавкат Мирзиёев «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Маълум қилинишича, умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатига (шаҳодатнома) тегишли қайд киритилади. Шунингдек, мусиқа фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларини чалиш амалий тўгараклари йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, фан учун ажратилган ўқув соатлари доирасида «Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу» шиори остида чолғу ижрочилиги дарс машғулотлари ташкиллаштирилади.