Ўзбекистонда 2021 йилда кўчмас мулк бўйича олди-сотдилар сони сезиларли ошди
Ўзбекистонда 2021 йилда кўчмас мулк бозоридаги олди-сотдилар сони сезиларли даражада ошди.
Маълум бўлишича, 2021 йилда 248,2 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга (216,2 минг дона) нисбатан 14,8 фоизга кўпроқ ҳисобланади. 2020 йилда кўчмас мулк бозорида шартномалар сонининг ўсиш суръати 11,7 фоизни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида 2020 йилга нисбатан кўчмас мулк бозорида олди-сотдилар сони фақат Тошкент вилоятида (0,9 фоизга) камайган. Наманганда 48,6 фоиз, Бухорода 41,1 фоиз, Андижонда 39,8 фоиз, Фарғонада эса 33,6 фоиз йиллик ўсиш кузатилган.
Шунингдек, 2021 йилда тижорат банклари томонидан 59,6 минг нафар фуқарога 9,8 триллион сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган (2020 йилда 9,1 триллион сўм). Шундан, 2,4 триллион сўм иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун берилган бўлса, 7,4 триллион сўм бирламчи бозор учун тақдим этилган.