Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режа тасдиқланди

«Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш бўйича бош режасини тасдиқлаш ҳақида» Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрининг 2023−2027 йилларга мўлжалланган кўкаламзорлаштириш бош режасини тасдиқланди. Қарор билан бир қатор вазифалар белгиланмоқда. Жумладан:

  • 2024 йилга қадар пойтахтни яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва туман ҳокимликларига атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб бўлган корхоналарининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларида самарадорлиги 95 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмаларни ўрнатилишини назорат қилишни юклатиш;
  • шаҳар ва туманлар марказлари кўчаларидаги ирригация тармоқларини хатловдан ўтказиб, тармоқларни жорий таъмирлаш ва янгилаш чораларини кўриш;
  • дарахтларни зараркунанда ҳашаротлардан сақлаб қолиш учун чет эллик мутахассисларни жалб этиш;
  • 2022−2024 йилларда шаҳардан ўтадиган каналларнинг (62 километр қисми) қирғоқ бўйларини ободонлаштириш, каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, кўкаламзорлаштириш ва сайилгоҳлар ташкил этиш.

Ҳужжатда келтирилишича, ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ташкилотлар томонидан йилига ўртача 7 миллион дона мавсумий гуллар экилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, йилига 75 минг донадан кам бўлмаган миқдорда дарахт ва бута кўчатларини экиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида мавжуд чинор ва кайрағоч дарахтларида аниқланаётган пўстлоқхўр зараркунанда ҳашаротларни шаҳар ҳудудлари кесимида аниқлаб, зарарланган ҳудудларни фоизларда белгилаш, лаборатория таҳлилларини ўтказиш, дарахтларни сақлаб қолиш учун лозим бўлган чет эл мутахассислари жалб этиш белгиланган.

 

Янгиликлар