ДХХ Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш билан шуғулланганларни ушлади
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш билан шуғулланганларни қўлга олди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг октябрь ойида Давлат божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1993 йилда Наманган вилоятида туғилган К.Ж. ушланиб, ундан 2100 дона «Регапен» ва 1515 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Аниқланишича, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган муқаддам судланган З.Ж. қирғизистонлик куръерлар томонидан Янгиқўрғон тумани ҳудудига яширин равишда ўтказилган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи К.Ж.га мунтазам равишда юбориб турган. Ўз навбатида К.Ж. ушбу дори воситаларини пойтахт ҳудудида сотиш билан шуғулланган.
Ҳолат юзасидан К.Ж. ва З.Ж. ларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.