Тошкент вилоятида 3,2 млрд сўмлик муддати ўтган дорилар савдосининг олди олинди
ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилоятида муддати ўтган дорилар савдосининг олди олинди.

Қайд этилишича, ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилувчи 46 ёшли фуқаро ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, хорижда ишлаб чиқарилган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини қайта қадоқлаш орқали сотувга чиқариш билан шуғуллангани аниқланган.
Хусусан, ушбу манзилда 34 турдаги 445 минг дона дори воситаси топилган. Улардан 24 турдаги дори воситалари Франция, Германия, Бельгия, Венгрия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Украина давлатларида ишлаб чиқарилган бўлиб, яроқлилик муддати 2007-2020 йиллар оралиғида тугаган.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 3 миллиард 185 миллион 250 минг сўмни ташкил этади.
Шунингдек, ноқонуний цехда қадоқлаш ва дори воситаларининг муддатини ўзгартириш ускуналари, қалбаки штамп ва муҳрлар борлиги ҳам маълум бўлган.
Шунингдек, бу йўналишда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона—Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Яшнобод туманидаги автотураргоҳларнинг бирида тўхтаган Isuzu русумли юк машинаси кўздан кечирилганда, унда хорижда ишлаб чиқарилган, лекин тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 4 турдаги жами 72 425 дона, умумий қиймати 231 миллион 760 минг сўмлик тиббиёт буюми борлиги аниқланган.
Маълум бўлишича, қўшни давлат ҳудудидан айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб кирилган ушбу тиббиёт буюмлари Фарғона шаҳрида яшовчи 46 ёшли аёлга тегишли бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





