«UzAuto Motors» ва бошқа мулклар очиқ савдога қўйилади — Президент қарори
«UzAuto Motors» ва «UzAuto Motors Powertrain» акциядорлик жамиятлари, «Ўзбекистон почтаси», «Дори-дармон» ҳамда «Алском» суғурта компанияси акциялари «Тошкент» республика фонд биржаси орқали оммавий савдога чиқарилади. Бу ҳақда Президентнинг тегишли қарори имзоланган.
Бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф ўтказиладиган акциядорлик жамиятлари рўйхатида, шунингдек, «Ўзгеофизика», «Ўзтемирйўлконтеньер» ва «Универсал суғурта» АЖ ўрин олган. Таъкидланишича, рўйхатдаги 8 та жамият орасида фақат «Дори-дармон»нинг давлатга тегишли акциялари (36 фоизни ташкил этади) савдога битта лот сифатида чиқарилиши мумкин.
Президент қарори билан 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлари тарзидаги даромади солиқдан озод қилиниши белгиланди.
Шу тартибда юридик шахслар учун фойда солиғи 5 фоиз ставкада қўлланиши назарда тутилган. Юридик ва жисмоний шахсларнинг жамиятлар облигацияcи бўйича ҳисобланган фоизи тарзидаги даромади эса солиқдан озод этилади.