Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти бошланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти бошланди.
Қайд этилишича, бундай тадбир мамлакат тарихида илк маротаба ўтказилаётган бўлиб, унда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилади. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган.
Хусусан, улар таҳлил қилиниб, «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халққа тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Учрашувда соҳанинг барча бўғинларидан 20 мингга яқин ходим иштирок этмоқда.