Татаристондаги дронлар ҳужумида вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари ватанга олиб келинди

Ҳодиса оқибатида қурилиш корхонасида ишлаган саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Ўзбекистонга Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 10-август куни Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидаги Нижнекамск шаҳрида жойлашган қатор объектларга учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) орқали ҳужум содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳридаги қурилиш корхонасида ишлаган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, бир қатор фуқароларимиз эса турли даражада тан жароҳатлари билан шифохоналарга жойлаштирилган.

Ўзбекистон президентининг топшириғига мувофиқ, ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини ватанга олиб келиш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Натижада, 12-август куни махсус авиарейс орқали ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келиниши таъминланди.

Ўзбекистон