Ўзбекистонда ўзига кредит олишни чекловчи қонун қабул қилинди
Ўзбекистонда ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонунга жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқларини, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартларини, шунингдек, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузгани учун жавобгарлик белгиланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали у билан кредит битимини тузишни тақиқлаши мумкин бўлади.
Аввалроқ, жисмоний шахслар кредит битимини тузишни тақиқлаши мумкинлиги ҳақда хабар берган эдик.