Покистонда Ҳиндистон билан тўқнашувларда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Ўтган ҳафта Ҳиндистон билан юз берган ҳарбий тўқнашувлар оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу ҳақда Покистон армиясига таяниб Reuters хабар берди

Қисқа муддатли қуролли можаро ядро қуролига эга икки қўшни давлат ўртасидаги сулҳ билан якунланган.

Тўқнашувлар Ҳиндистоннинг 22 апрель куни Кашмирда ҳинду сайёҳларига қилинган ҳужумга жавобан Покистон ва Покистон назоратидаги Кашмирда «террорчилик инфратузилмаси» деб атаган объектларга зарба бериши ортидан бошланган. Покистон эса бу объектлар тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар бўлганини билдирган.

Покистон ҳарбийларига кўра, ҳужумлар натижасида 40 нафар тинч аҳоли вакиллари ва 11 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳиндистон эса 5 нафар ҳарбий ва 16 нафар тинч фуқароси ўлганини маълум қилган.

Можаро ортидан АҚШнинг дипломатик босими билан 11 май куни сулҳга эришилган. Ҳиндистон армияси ҳарбий базалари фаолият юритишда давом этаётганини билдирган.

12 май куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Панжоб штатидаги Адампур авиабазасига ташриф буюриб, ҳарбийлар билан учрашган. У ўз нутқида Покистондаги «террорчилар яширинган жойларга» зарбалар давом этишини, Ҳиндистон «ядро таҳдидларига» бўйсунмаслигини айтган.

Ҳиндистон томони маълум қилишича, 13 май куни икки давлат ҳарбий қўмондонлари телефон орқали мулоқот қилиб, ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувга содиқлигини билдирган. Покистон эса бу суҳбат тафсилотларини ошкор қилмаган.

 

Жаҳон