Покистонда автобусга уюштирилган худкуш ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

21 май куни Покистоннинг Балужистон вилоятида худкуш машинаси мактаб автобусини портлатиши оқибатида камида 5 киши, жумладан 3 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Покистон ҳарбийларига таяниб Reuters хабар берди.

Ҳодиса Хуздор туманида содир бўлган.

Маҳаллий ҳоким Ясир Иқболга кўра, автобусда 40 га яқин ўқувчи бўлган ва уларнинг айримлари турли даражада тан жароҳати олган.

Покистон расмийлари ушбу ҳужум ортида «Ҳиндистон ҳомийлигидаги террорчилар» турганини даъво қилмоқда. Армия баёнотида «бу қўрқоқ ҳужумни режалаштирган, қўллаб-қувватлаган ва амалга оширган жиноятчилар жавобгарликка тортилади», дейилади. Бироқ, Нью-Деҳлини ушбу воқеа билан боғлайдиган далиллар тақдим этилмади. Ҳиндистон ҳукумати ҳозирча бу борада изоҳ бермаган.

Мазкур воқеа Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги заиф оташкесим фонида юз берди. 10 май куни томонлар оташкесимга эришган, бироқ дипломатлар бу келишув узоққа бормаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Ҳужумда ҳалок бўлганлар орасида ўрта ва юқори синфда ўқийдиган 3 нафар қиз борлиги тасдиқланди. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ушбу портлаш учун жавобгарликни зиммасига олмаган.

 

Жаҳон