Тошкент вилоятида пора олган икки нафар ИИБ ходими қўлга олинди
Тошкент вилоятида икки нафар ички ишлар ходими пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
ДХХ Cаll-марказига вилоят аҳолиси томонидан тушган мурожаатда ИИБ ходимларининг хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани ва коррупсиявий жиноятлар содир этаётгани ҳақида маълумот берилган. Текширув давомида аниқланишича, ИИБ ходимларидан бири жиноят иши терговида бўлган собиқ ички ишлар ходимига суддаги танишлари орқали енгилроқ жазо чиқариб бериш эвазига $20 минг пора талаб қилган. Гумонланувчи пул олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Иккинчи ҳолатда, Янгийўл туман ИИБ ходими жазони енгиллаштириш эвазига маҳкумнинг танишидан $24 минг олаётганда қўлга тушган. Унинг ёнидан адвокатлик ва ҳакамлик суди судьяси гувоҳномалари ҳамда ИИВнинг лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруғи нусхаси топилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 моддаси 4 қисми ҳамда 28, 211 моддаси 3 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.