Олий таълим вазирлиги ходими $100 минг пора билан ушланди
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси катта миқдорда пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, ушбу мансабдор шахс Қарши шаҳрида фаолият юритувчи нуфузли нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятида филиалини очиш бўйича вазирлик томонидан лицензия бериш масаласини қисқа муддатда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига мазкур университетнинг мансабдор шахсидан 100 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Натижада, Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, вазирликнинг етакчи мутахассиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





