Тошкентда текширув ортидан 100 дан ортиқ электр қувватлантириш шохобчалари тармоқдан узилди

Сўнгги кунларда электр қувватлантириш шохобчалари мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳолатга ойдинлик киритди.

Қайд этилишича, 3-март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, хатлов ишлари бошланган. Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ шохобча хатловдан ўтказилган.

Хатлов давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди. Хусусан, 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилди, шунингдек, 62 та шохобчанинг электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Қуввати 20 кВтдан юқори бўлган тезкор қувватлантириш — бу электр тармоқлари учун жиддий юкламадир: битта автомобил қисқа вақт ичида ўнлаб киловатт энергия истеъмол қилиши мумкин. Агар уланиш ҳисоб-китобларсиз ва техник шартларсиз амалга оширилса, турар жой биноларининг электр таъминотида ҳаддан ташқари юклама ва узилишлар хавфи ортади, — деб тушунтирилди хабарда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар электромобиллик ривожини чеклашга эмас, балки энергия тизимининг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилгани билдирилди.

Ўзбекистон