Қашқадарёда газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси портлади: 6 киши ҳалок бўлди
Вазият юзасидан ташкил этилган ҳукумат комиссияси жабрланганларга ёрдам кўрсатади ва содир бўлган воқеа сабабларини аниқлаш билан шуғулланади

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида портлаш юз бериб, оқибатда олти киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, 8 июнь куни соат 13:50 да «Чаман» МФЙда жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 5 та қутқарув бўлинмалари соат 14:02 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:05 да ўраб олинган ва соат 14:55 да ўчирилган.
Дастлабки маълумотга кўра, 4 та автомобиль (2 та кобалт, 2 та газ ташишга мўлжалланган автомобиль) ҳамда 2 та ер остидаги ёқилғи сақлаш резервуари ёниб зарарланган.
Оқибатда 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириқларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари О.Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
Ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олиниб, унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.





