Энг катта ният Ўзбекистоннинг аёллари ҳаётдан рози бўлиб яшаши — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 Март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табрик йўллади.

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим! Сизларни, бутун Ўзбекистон аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз. Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, — деди президент.
Давлат раҳбари мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилганини таъкидлади.
Хусусан, барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди. Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб бирорта қонун қабул қилинмайди.
Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига 230 мингга яқин тадбиркор аёллар синфи шаклланди, фермер аёллар 12 минг нафарга етди, илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётган олималар 6 минг нафардан ошди.
Ўтган йили дунё ареналарида қизлар 167 та олтин, 193 та кумуш, 243 та бронза медалини қўлга киритди.
Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг «Парламентдаги аёллар» рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. «Гендер тенглик ва бошқарув» индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди, Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» ҳисоботида эса ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга чиқди.
Аёлларни ишли ва даромадли қилиш масаласи ҳамиша эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Ўтган йили хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 23,5 триллион сўм кредит йўналтирдик. Бунинг ҳисобидан 425 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз тадбиркорликка жалб қилинди. Мисол учун, тўқимачилик соҳасида 300 нафар аёлларни банд қилган янгиариқлик Наргиза Бекмуратова ўтган йили иккинчи фабрикасини очиб, яна 100 та иш ўрни яратди. Ушбу ишбилармон қизимиз 2025 йилда Анқара шаҳрида ўтказилган халқаро танловда «Хотин-қизлар учун энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл» номинацияси ғолиби бўлди. Мен бундай серғайрат қизларимизни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, деб биламан. Уларни ҳар қанча қўллаб-қувватлашга тайёрман, — деб таъкидлади давлат раҳбари.
Шунингдек, аёллар ўз уйида тадбиркорлик қилиши учун «Даромадли аёл» дастури бошланиши билдирилди. Бу орқали лидер тадбиркорлар кўмагида касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик йўналишларида 50 минг нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.
Бундан ташқари, «Ҳамроҳ» дастури доирасида хотин-қизларнинг 3 мингта лойиҳасига жами 1 трлн сўм ажратилади. Умуман, жорий йилда 1,5 млн нафар аёлни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини бизнесга жалб этиш мақсад қилинган. Ушбу режалар учун 25 триллион сўмдан зиёд ресурс йўналтирилади.
Шу билан бирга, бугун олийгоҳда ўқиётган қизлар сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда.
Ўтган йили 60 нафар қизимиз дунёдаги энг нуфузли олийгоҳларга ўқишга кирган.
Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни, 61% хотин-қизлар ташкил этган.
Биз учун бугунги ўта оғир ва мураккаб замонда олдимизга қўйган улкан марраларни эгаллашда янада бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифадир. Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш – менинг энг катта ниятим. Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга, албатта эришамиз. Сўзимнинг якунида бутун Ўзбекистон хотин-қизларини кириб келаётган нафосат айёми, гўзаллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, оилавий бахт-саодат ёр бўлишини тилайман. Байрамингиз муборак бўлсин,— деди Шавкат Мирзиёев.




