Шавкат Мирзиёев ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинлари ғолибларини табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Дубай шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги V Параосиё ўйинларида эришилган ғалаба билан миллий терма жамоасини муборакбод этди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қитъамизнинг 35 та давлатидан келган 1 минг 500 нафардан зиёд спортчилар ўртасида бўлиб ўтган ғоят кескин беллашувларда сизлар жасорат ва матонат фазилатларини намоён этиб, мусобақаларнинг чинакам қаҳрамонларига айландингиз ва Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очдингиз. Ана шундай юксак ишончни шараф билан оқлаб, 99 та олтин, 57 та кумуш, 41 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида Осиё қитъасида 1-ўринни эгаллаб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганингиз муборак бўлсин!, — деди президент.

Давлат раҳбари, айниқса, пара пауэрлифтингчи Баҳриддин Холбўтаев, Элбек Фарҳодов, Ойшажон Ражаббоева, Рухшона Ўктамова ўз вазн тоифаларида жаҳон рекордини, Нурилло Инобиддинов, Эзоза Абдужабборова, Азизбек Пердебаев, Рухшона Ўктамова, Зиёдахон Боқижонова, Зуҳра Юлдашева, Гулюз Нематуллаева эса Осиё рекордини ўрнатганларини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, спортчи қизлар Мадина Мухторова, Фароғат Мухаммадқулова, Моҳичехра Ибрагимова пара енгил атлетиканинг ядро ва найза улоқтириш дастурлари доирасидаги муросасиз баҳсларда рақибларига мутлақо имконият қолдирмасдан бутун медаллар жамланмасини Ўзбекистонга олиб келганларига хам эътибор қаратилди.

Сизларни мана шундай баҳодир, довюрак ва паҳлавон фарзандлар этиб тарбиялаган, эзгу интилишларингизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган отаоналарингиз, моҳир ва жонкуяр мураббийларингизга, барча мухлисларингизга чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман, — деди Шавкат Мирзиёев.

Жаҳон