Шавкат Мирзиёев Татаристоннинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди

Қозон шаҳрига ташриф доирасида Шавкат Мирзиёевни Татаристон давлат мукофоти — «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Мукофотни давлат раҳбарига Татаристон раиси Рустам Минниханов тантанали равишда топширди. Шавкат Мирзиёев ушбу орден билан Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотланди.

Ўзбекистон етакчиси Татаристон раҳбарига мукофот учун самимий миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликда юқори натижаларга эришилганини мамнуният билан қайд этди ҳамда Татаристон халқига эзгу тилакларини билдирди.

Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев ва Рустам Минниханов Ўзбекистон ҳудудларининг Татаристон билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилди. Сўнгги йилларда етакчи корхоналарнинг саноат кооперацияси ва фаол гуманитар алмашинув ўзининг амалий натижаларини бераётгани мамнуният билан қайд этилди.

Аввалроқ, президентнинг BRICS саммитида иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон