Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни камайтириши бўйича таклифлар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, авваллари бизнесга юқори маъмурий босим ва аралашув бўлгани учун кўпчилик ошкора ишлашдан хавфсирар эди. Шу боис сўнгги йилларда солиқ юкини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича кўп иш қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайди, 100 дан ортиқ турдаги лицензия ва рухсатнома бекор бўлди.
Буларнинг натижасида, кузатилмаётган иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45-50 фоиздан ҳозирда 35 фоизга тушган бўлсада, ҳали кўрсаткични янада камайтириш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда шу борадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Мутасаддилар яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари бўйича ахборот берди.
Бунда энг самарали йўл илғор технологиялар асосида янгича ёндашувларни жорий қилиш экани таъкидланди. Масалан, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ автоматлашган тўловга ўтказилгани натижасида, аслида, йўловчилар сони 30 фоизга кўп экани кўринган.
Шундай тизимни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизматлар каби яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлган соҳаларда ҳам жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тадбиркорлар кўп дуч келадиган солиқ, банк, божхона, коммунал, сертификатлаш каби соҳаларда коррупцияга йўл очаётган омилларга чек қўйиш зарурлиги айтилди.
Давлат раҳбари фақат назоратни кучайтириш билан яширин иқтисодиётни жиловлаб бўлмаслигини, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ маданиятини ошириб, тўғри ишлаганларни рағбатлантириш йўлидан бориш кераклигини таъкидлади.