Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Ўзбекистонга келишга таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трампни ушбу лавозимга расмий киришгани муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ўз мактубида Дональд Трампнинг янги муддатдаги фаолияти давомида АҚШнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори, иқтисодий қудрати ва салоҳияти, глобал миқёсдаги ўрни ва аҳамияти янада ортишига ишонч билдирди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон АҚШнинг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатини юқори баҳолайди ва алоҳида қадрлайди.

Сизнинг биринчи президентлик даврингизда Ўзбекистон—АҚШ ўртасида янги даврдаги стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганини ва кўп қиррали алоқаларимиз юқори босқичга кўтарилганини таъкидлашни истар эдим. Биз бундан кейин ҳам икки ва кўп томонлама платформалар доирасида узоқ муддатли ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз, дейилади президент мактубида.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп президентлик қасамёдини қилгани ҳақда хабар берган эдик.

Жаҳон