Ўзбекистон ва Венгрия турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи доирасида Будапештда Венгриянинг йирик компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, учрашувда транспорт ва йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, логистика марказлари ва коммунал тармоқларни қуриш, қурилиш материаллари, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида Европа компаниялари учун махсус саноат зонаси ташкил этилади ва уни Венгриянинг Inpark компанияси бошқаради. OTP Bank эса автокредитлаш ва бизнесни молиялаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Президент Мирзиёев икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни ривожлантириш ҳамда юк ташиш ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлаб, Венгрия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларга бўлган қизиқишини юқори баҳолаган.

Ташриф якунида, устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид ҳужжатлар имзоланган.

Сиёсат