Марказий банк фуқаролар карталаридан пул ечиб олинишига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Humans иловасига боғланган банк карталаридан пул ечиб олингани хақида хабарлар тарқалди. Марказий банк матбуот хизмати вазиятга изоҳ берди.

Хусусан, 8-декабр куни, соат 08:30 атрофида Марказий банкка фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушган.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида «Octagram» АЖ (Пайлов – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликларни бартараф этиш мақсадида П2П амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.

Маълум қилинишича, 9-декабр ҳолатига кўра, Humans мобил иловаси орқали «Octagram» АЖ (Пайлов – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.

Фуқароларга, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишлаётгани ва карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолгани билдирилди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда, — деб таъкидланди.

Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилиши маълум қилинди. Фуқаролар, юқоридаги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон