Сифатсиз маҳсулотлар ҳақида хабар берганларга маблағ тўланиши мумкин
Эндиликда сифатсиз маҳсулотлар тўғрисида хабар берган шахсларга пул мукофоти берилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Бозор назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида қайд этилди.
Ҳужжатга кўра, агар муомалага чиқарилган маҳсулот белгиланган талабларга жавоб бермаса, бу ҳақда хабар топган иқтисодий операторлар 10 кун ичида бозор назорати органига мурожаат қилиши керак.
Бундай маълумотни жисмоний шахслар ҳам юбориши мумкин. Бундай фуқароларни моддий рағбатлантириш назарда тутилган.
Бозор назорати органи маълумотни олгандан сўнг, иқтисодий операторни бу ҳақида 5 кун ичида хабардор қилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра:
• маҳсулотнинг номувофиқлиги тўғрисида хабар берган шахсларни моддий рағбатлантириш тартибини тўрт ой муддатда тасдиқланади;
• давлат ва нодавлат илмий ташкилотлар билан биргаликда 6 ой муддатда халқаро маслаҳатчилар иштирокида илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда етказилган маънавий зарар миқдорини аниқлаш методикаси ишлаб чиқилади;
• ҳукумат қарорларини янги қонунга мувофиқлаштирилади;
• республика ижро этувчи ҳокимият органларига бир-бирига зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш мажбурияти юкланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 3 ой муддатда фуқароларга етказилган маънавий зарар учун тўловлар тайинланган сўнгги 3 йилдаги суд ишлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади ва мунтазам янгиланади. Судлар шунга ўхшаш ишларини кўриб чиқишда фойдаланиш учун ушбу маълумотлар базасидан фойдаланишлари мумкин бўлади.