Наманганда ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
Наманган вилояти Поп тумани ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ёрдамчиси пора билан қолга тушди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Мазкур мансабдор, фуқарога 49 йил муддатга деҳқон хўжалиги билан шуғулланиш учун ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини ўзининг мансабдор танишлари орқали хусусий мулк сифатида расмийлаштириб, унинг 6 сотих қисмида қурилган уй-жой учун тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлатиб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси олдиндан 1000 АҚШ долларини ўзининг таниши орқали олган вақтида ушланади.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





