Сурхондарёда 267 та қадимий танга ва тақинчоқ мусодара қилинди

Чегара постида қадимий буюмларни олиб чиқмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд қилинишича, Сурхондарё вилояти «Сариосиё» чегара божхона постида 267 дона қадимий танга ва тақинчоқ қисмларини қўшни давлатга олиб чиқмоқчи бўлган фуқаро ушланган.

Божхона назорати давомида фуқаронинг юкларида оғзаки сўровда кўрсатилмаган қадимий буюмлар борлиги аниқланган.

Бадиий экспертиза хулосасига кўра, 39 дона осма безак кўринишидаги кумуш танга 19-асрда Бухоро амирлигида зарб қилинган, қолган буюмлар ҳам 19–20-асрларга оид маданий бойликлар ҳисобланади.

Мусодара қилинган буюмлар Термиз археология музейига топширилган, ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 50 йилдан ортиқ тарихга эга маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш тақиқланади.

Ўзбекистон