Қашқадарёда дорилар ишлаб чиқариш ҳолати аниқланди

Яккабоғ туманидаги хонадонда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқарилаётган яширин цех аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, тезкор тадбирда «Ҳиёбон» маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда ушбу хонадонда келиб чиқиши номаълум, сифати кафолатланмаган дори воситаларига қалбаки ёрлиқлар ёпиштириб, дорихоналарга сотиш мақсадида сақланиб келинаётгани маълум бўлган.

Яширин цехдан умумий қиймати 709 млн сўмлик 4 турдаги 2 391 дона дори воситалари, турли дори қутилари ва қалбаки этикеткалар ашёвий далил сифатида олинган.

Маълум қилинишича, ушбу дори воситалари ҳеч қандай лаборатория текширувларисиз, тегишли лицензиясиз кимёвий моддалардан тайёрланган ва истеъмолга чиқарилиши режалаштирилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон