Тошкент шаҳри ва вилоятида қалбаки дори ишлаб чиқарувчи цех фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари томонидан ўтказилган тадбирда Тошкент вилоятида яширин дори цехи аниқланди. Бу ҳақда UZA хабар берди.

Қайд этилишича, 1984 йилда туғилган шахс ижарадаги уйда ноқонуний фаолият юритиб, 49 турдаги, жами 594 мингдан ортиқ қалбаки дори воситаларини ишлаб чиқарган. Цехда 50 дан ортиқ ускуналар, 168 кг хомашё, қадоқлар ва капсулалар топилган.

Шунингдек, ушбу шахснинг Учтепадаги хонадонидан қўшимча равишда қалбаки дорилар, суппозиторийлар ва ампулалар ашёвий далил сифатида олинган. Ушбу маҳсулотлар интернет орқали сотиб олинган хомашёдан тайёрланиб, Тошкент ва Бухородаги дорихоналарга тарқатилгани аниқланган. 

Хабарга кўра, ашёвий далил сифатида олинган мазкур дори воситалари ва асбоб ускуналарнинг умумий қиймати қарийб 10 млрд сўмни ташкил этади.

Мазкур йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирда эса, Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 ва 1996 йилларда туғилган шахслар Хитойдан ноқонуний йўл билан келтирилган 574 мингдан ортиқ инфузион системаларни $55 700 га сотаётганида қўлга олинган. Улар ҳам фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва амалда қўллаш тақиқланган.

Иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

 

Ўзбекистон