Ўзбекистон 10 ойда 6,9 миллиард доллар қийматидаги олтин сотди
Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-октябр ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 51 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 20,47 млрд долларни, импорт ҳажми эса 30,5 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 29,1 фоизга, импорт ҳажми 22,7 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 10 млрд долларга етган. Ўтган йилнинг мос даврида ташқи савдо дефицити 9 млрд доллар бўлган эди.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 10,8 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21,2 фоизини ташкил қилади.
2023 йилнинг январ – октябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:
- Хитой – 10,8 млрд доллар;
- Россия – 7,9 млрд доллар;
- Қозоғистон – 3,6 млрд доллар;
- Туркия – 2,6 млрд доллар;
- Корея – 1,87 млрд доллар;
- Туркманистон – 939 млн доллар;
- Германия – 876 млн доллар;
- Қирғизистон – 814 млн доллар;
- Франция – 773 млн доллар;
- Афғонистон – 693 млн доллар.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.
2023 йилнинг 10 ойида Хитойга амалга оширилган экспорт ҳажми 12,5 фоизга, Туркияга маҳсулот сотиш эса 21 фоизга қисқарган. Ўз навбатида Россияга экспорт ҳажми 5 фоизга, Қозоғистонга 2 фоизга ошган.
Шунингдек, Хитойдан импорт ҳажми 65 фоизга, Россиядан 6 фоизга, Туркиядан 7 фоизга кўпайган. Қозоғистон (6 фоиз) ва Кореядан (5 фоиз) импорт ҳажми эса камайган.
Умумий ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши камайиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2022 йилда 39,8 фоизни бўлган бўлса, жорий йилда 32,9 фоизгача қисқарган.