«Тошшаҳартрансхизмат» собиқ раисига қолланилган жазонинг юмшатилиш сабаби очиқланди

Сўнги кунларда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган А. Джураев ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд қарори кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Олий суд, ҳукм нима учун ўзгартирилганини тушунтириб берди.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 3 февралдаги ҳукмига кўра А. Джураев ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамда АЖ тасарруфидаги автобус саройларининг 20 нафар ходими Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Шундан сўнг, 21 нафар судланувчидан 10 нафарига «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Суд томонидан 6 та судланувчига нисбатан (А. Джураевга 7 йил 6 ой муддатга) озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Хусусан, 6 нафар судланувчи қамоқдан озод қилиниб, очиқда бўлган 2 нафар судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Суд ҳукми билан судланувчи А. Джураев ва бошқалардан 2 475 687 526 сўм ундирилиши белгиланган ҳамда судланувчиларга тегишли 2 та уй-жой етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилган ва зарардан ортган пул маблағлари давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.

Натижада, А. Джураев ва 10 нафар судланувчи томонидан берилган апелляция шикоятлари ва прокурор келтирган протест асосида ушбу жиноят Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида кўрилган бўлиб, суд жараёни давомида судланувчилар томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланган.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Етказилган зарар қопланганлиги сабабли судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган, — деб айтилади хабарда.

Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган маблағларга олинган ва зарарни қоплашга қаратилган 2 та уй-жой давлат фойдасига мусодара қилингани таъкидланди.

Ушбу ажримдан норози тарафлар Жиноят–процессуал кодексининг 510-моддаси талабларига мувофиқ Тошкент шаҳар судига тафтиш тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга ҳақлилиги билдирилди.

Тошкент