Об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, чидамли маҳсулотлар етиштириш зарур — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида, мамлакатда иқлимга мослашган маҳсулотлар етиштирилиши керак эканлигини таъкидлади.
Йиғилишда давлат раҳбари халқаро вазият кун сайин ўзгариб бораётгани, йилдан-йилга такрорланаётган об-ҳаво инжиқликлари, «аномал иссиқ» ва «аномал совуқ» деган тушунчалар одатий ҳолга айланиб улгурганидан сўз очди.
Шу боис соҳа масъуллари ва ҳокимлар об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарур, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳар бир экспорт бозори мамлакат учун ўта муҳимлиги ва иқтисодий хавфсизликнинг устувор йўналишларидан бири эканилиги белгилаб ўтилди.
Аниқланишича, ўтган 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион долларни ташкил этган. Экспорт географияси эса 16 та давлатга кўпайган.
Бироқ, шу билан бирга Сурхондарё, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортининг суръати бўйича қолган ҳудудлардан ортда қолаётгани айтилди. Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларига ҳам чиқа олмаган.
Натижада, ушбу ҳудудлар ва уларга ҳукуматдан бириктирилган вакиллар бу борадаги ишларини фаоллаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.