Блогер Олимжон Ҳайдаровга суд ҳукми ўқилди
Бугун, 1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А. Эргашев эълон қилган ҳукмга кўра, Ҳайдаровнинг айбловидан ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми «а» банди чиқарилиб, у ЖКнинг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Унга Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилди.