Мирзиёев Афғонистонга ёрдамни кўпайтиришга чақирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни, хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларини афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга чақирди. У бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни пойтахт Тошкентда ўтаётган ИҲТ саммитида сўз очди.

Давлат раҳбари нутқининг Афғонистонга аталган қисми аввалида, саммит ушбу давлатсиз ўтаётганига эътибор қаратди.

«Бугунги саммит ташкилотимиз аъзоларидан бири бўлган Афғонистон иштирокисиз ўтаётганига диққатингизни қаратмоқчиман. Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўп миллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолар қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди», дейди Шавкат Мирзиёев.

У сўзида давом этиб, Афғонистонга нисбатан коллектив масъулият билан ёндашиш кераклигини урғулади.

«Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш, барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир. Барчангизни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, бу ердаги ўткир ижтимоий, иқтисодий муаммоларни коллектив масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақираман», дейди Ўзбекистон Президенти.

Янгиликлар