FNQIZ’да базавий мойлар сифатини яхшилаш дастури ишга туширилди

Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ишлаб чиқарилаётган биринчи гуруҳга оид базавий мойлар сифатини ошириш ва уларни Европа стандартларига етказиш имконини беради.

FNQIZ’да ишлаб чиқарилаётган базавий мойлар сифатини ошириш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш ишлари бошланди. Дастур доирасида атмосфера-вакуум колоннасини модернизация қилиш, шунингдек, минерал базавий мойлар ишлаб чиқариш қурилмаларини таъмирлашни назарда тутади. Дастурнинг мақсади мойларнинг физикавий ва кимёвий хусусиятларини энг яхши Европа стандартларига жавоб берадиган даражага етказишдан иборат.

Дастурнинг биринчи босқичи доирасида базавий мойларни гидротозалаш колоннасидаги катализатор алмаштирилди. Ушбу қурилма мой маҳсулотларини олтингугурт, азот, ароматик углеводородлар ва қатронли асфальт моддалардан чуқур тозалашни амалга оширади, улар мойларнинг оксидланиш барқарорлиги, коррозия хусусиятлари ва рангига салбий таъсир кўрсатади.

Saneg техник мутахассислари томонидан энг замонавий ечим танланди — каталитик жараёнлар технологиялари бўйича жаҳон етакчиси ҳисобланган Даниянинг Topsoe компанияси томонидан ишлаб чиқарилган HyBRIM оиласига оид катализатор. Бу олтингугурт ва азот аралашмаларидан чуқур тозалашни таъминлайдиган янги авлод катализаторларидир.

«Базавий мойлар сифатини яхшилаш дастури — компаниянинг инновацияларга интилиши ва маҳсулотларни такомиллаштириш сари қадамдир. Янги катализатор гидротозалаш мосламасининг имкониятларидан максимал даражада самарали фойдаланиш ҳамда антиоксидант ва коррозияга қарши яхшиланган хусусиятларга, яхшиланган рангга эга мойларни ишлаб чиқариш имконини беради, бу эса маҳсулотни базавий мойлар учун глобал API стандартлари сари яқинлаштиради», — деди Saneg бош директори Тўлқин Юсупов.

Янгиликлар