Президент Шавкат Мирзиёев шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди
Шавкат Мирзиёев Қувайт Давлатининг ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Хабарга кўра, Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳим экани ҳамда Қувайт ташқи сиёсий идораси раҳбарининг ушбу ташрифи мулоқот ва алмашинувларнинг фаоллашишига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Қувайт ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Қайд этилишича, учрашувда амалий ҳамкорликни, энг аввало савдо, инвестиция ва инновациялар, молия, озиқ-овқат хавфсизлиги, ахборот технологиялари, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида қўшма тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан конструктив руҳда фикр алмашилди.
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Туркия делегацияси билан учрашув ўтказди деб хабар берган эдик.





