Рақобат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шорахметов лавозимидан озод этилди.
Маълумотларга кўра, унинг лавозимидан бўшатилиши бошқа ишга ўтиши сабаб рўй берган. Бироқ у айнан қайси ишга ўтаётганига аниқлик киритилмаган.
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида Шоҳруҳ Шорахметов лавозимидан озод этилиши мумкинлиги айтилган эди.
Йиғилишда йирик савдо тармоқларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тенг шароит яратилмагани, улардан маҳсулот пулини олишдаги муаммолар, аҳолида маҳсулот сифати ва нарх-навоси бўйича шикоятлар кўплиги Рақобат қўмитаси фаолиятидаги жиддий камчиликлардан далолат экани таъкидланди.
Шу муносабат билан қўмита раиси Шоҳруҳ Шорахметовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди.