Ўзбекистонда янги марказ очилди

Жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш маркази очилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

Фото: «Газета.uz»

Хабарга кўра, марказ АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) кўмаги билан тузилган бўлиб, бу марказлар иккита халқаро ҳамкор ташкилот — Соғлиқни сақлаш соҳасида глобал интеграллашув корхонаси (IGH) ҳамда Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини қўллаб-қувватлаш фуқаролик жамғармаси (CRDF) — воситасида иш юритади.

Қайд этилишича, янги бўлинма ССВ ва бошқа ҳукумат идораларига жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятлар пайтида бошқа ҳамкор ташкилотлар билан алоқа олиб бориш, ахборот бошқаруви, сафарбарлик, мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик олиб боришда ёрдам беради.

«Жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш марказининг тузилиши — бу катта аҳамиятга эга ютуқ бўлиб, у Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари соғлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш ғоясига содиқ эканлигининг яққол исботидир. Марказ ишга туширилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу мамлакатга жамоа саломатлигини сақлашдаги кескин вазиятларга жавоб қайтариш ва уларга қарши курашишга тайёргарлик кўришдаги самарадорлигини янада оширишда ёрдам бериш биз учун шарафдир», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

Таъкидланишича, АҚШнинг жамоат саломатлигини сақлаш соҳасидаги агентлиги ҳисобланган CDC ва Ўзбекистоннинг Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати томонидан марказни тузиш ишлари 2020 йилда бошланган. Шу орада экспертлар жамоаси миллий қонунчилик базасини ишлаб чиқди, марказ доирасида кўп томонлама ҳамкорлик олиб бориш йўл харитаси яратилди ҳамда миллий мутахассислар гуруҳи ушбу марказни юритиш соҳасида ўқитилди.

Янгиликлар