Республикада 2021 йил якунига қадар 10 та электр станция ишга туширилади

2021 йил якунига қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 1 800 мегаватт бўлган 10 та иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилади. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Хабарга кўра, ҳозирда Тошкент, Бухоро, Хоразм, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида электр станциялари қурилмоқда. Улар ишга тушгач, Ўзбекистон энергетика тизимининг умумий қуввати 16 минг мегаваттга яқинлашади ва 2016 йилга нисбатан 52 фоизга ошади.

Таъкидланишича, 2025 йилгача бу кўрсаткич 25 600 мегаваттгача, 2030 йилга қадар 29 200 мегаваттгача оширилиши режалаштирилган. 10 йил давомида умумий қувватни қарийб икки баробарга ошириш кўзда тутилган.

«Агар дунёда энергия истеъмолининг 23 фоизи уй-жой секторига тўғри келса, Ўзбекистонда бу – 40 фоиз. Хусусан, Европада 1 квадрат метр учун энергия сарфи йилига 120-150 киловатт соатни ташкил қилса, Ўзбекистонда мазкур кўрсаткич 390 киловатт соатдан ошади ёки 240-270 киловатт соат кўпроқни ташкил қилади. Мутахассислар фикрича, 10 йилдан кам вақт ичида республика аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларидан электр энергиясига бўлган талаб икки баравар кўпаяди. Яъни 2030 йилга қадар 120,1 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқаришга эришилади (2020 йилда бу кўрсаткич 66,4 миллиард киловатт соат)», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2016 йилда республикада ўртача кунлик электр энергияси истеъмоли 137,8 миллион киловатт соат бўлса, бу кўрсаткич 2021 йил 1 июнь ҳолатига 183,7 миллион киловатт соат ёки 33,4 фоизга кўпни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда электр энергияси истеъмолчилари сони 7 миллион 268,9 минг киши ва бу 2016 йилга нисбатан 947,8 мингтага ортиқ. Шундан 336,6 минг нафари юридик истеъмолчилар бўлиб, ўтган 5 йил мобайнида улар сони 69,1 мингга кўпайган.

Бундан ташқари, 2021 йил охиригача мамлакатда 26 300 километр паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 9 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари таъмирланишини ҳамда 2030 йилга қадар 130 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторлар босқичма-босқич модернизация қилиниши ҳам маълум қилинган.

Янгиликлар