Қашқадарёда тез ёрдам ҳайдовчиси калтакланди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 12 декабрь куни тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси чақириққа борганида калтакланди.
Соат 17:10 да «Қаҳрамон» МФЙга қарашли Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи 61 ёшли аёл қон босимининг кўтарилиши шикояти билан чақириқ берган. ССБ 8 километрли масофага тиббий ёрдам бригадаси 14 дақиқада етиб борганини билдирди.
Хонадонда беморнинг ўғли экани тахмин қилинаётган шахс бригада ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, унинг юз қисмига жароҳат етказган. Жанжал сабаби келтирилмаган.
Ҳамшира аввал беморга, сўнг ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатган. Автомашинани чақириқдан ортига қайтариш учун бошқа ҳайдовчи жалб этилган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига хабар берилган бўлиб, вазият бошқарма назоратига олинган, дейилади хабарда.