Президент администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди
Президент администрациясида бир қатор янги тайинловлар амалга оширилди.
Ғайратулла Ёзиев Ўзбекистон президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Ғ.Ёзиев Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
Қаҳрамон Сариев президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Сариев муқаддам Қорақалпоғистон иқтисодиёт вазири ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси лавозимларида фаолият кўрсатган. У 2022 йил декабридан буён президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётганди.
Улуғбек Муҳаммадиев президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари – президент халқ қабулхонаси раҳбари лавозимига тайинланди.
Улуғбек Муҳаммадиев 2008–2017 йилларда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судяси сифатида фаолият юритган. Кейинроқ давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган, 2018–2020 йилларда президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил ёзида Давлат хизматлари агентлигига раҳбар этиб тайинланганди.
2022 йил январида яна президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида иш бошлаганди.
Умар Исмоилов эса Муҳаммадиевга биринчи ўринбосар бўлди – у энди президент Халқ қабулхонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари.
У муқадддам Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ миллий хавфсизлик хизмати)да ишлаган, 2003–2006 йилларда президентнинг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлган, кейинроқ президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида ишлаган, 2022 йил декабридан буён президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаётганди.